Блинкен: Хитой Тайванга нисбатан тобора тажовузкор муносабатда бўлмоқда
АҚШ давлат котиби Вашингтон Тайвань бўғозидаги барқарорликдан манфаатдор эканини таъкидлади.

АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен Хитойни Тайванга нисбатан агрессив муносабатда айблади.
“Хитой Тайвань масаласида тобора тажовузкор бўлиб бормоқда. Бу бутун минтақада тинчлик ва барқарорликка таҳдид солмоқда”,– деган дипломат CBS телеканалига берган интервьюсида.
Блинкен АҚШ Тайвань бўғозида барқарорликдан манфаатдор эканини, чунки Тайбэй яримўтказгичлар ишлаб чиқаришда энг муҳим марказ эканини таъкидлаган. Унинг фикрича, агар бу ерда ишлаб чиқариш тўхтаб қолса, бунинг дунё иқтисодиётига таъсири ҳалокатли бўлади.
Маълумот ўрнида: Тайвань 1949 йилдан буён амалда ХХРдан мустақил сиёсат олиб боради. У Хитойнинг ажралмас қисми эканини бутун дунё, жумладан, АҚШ ҳам тан олади. Шу билан бирга аксарият давлатлар Тайваннинг Хитой таркибига зўравонликсиз ва куч ишлатишсиз қайтиши зарурлигини таъкидлаб келади.
Аввалроқ Блинкен Хитой ТИВ раҳбари Ван И билан учрашганди.







