Бухорода ҳисобчи 59 нафар ходимнинг иш ҳақини “ухлатди”
У салкам 100 млн сўм пулларни ўзининг кредит тўловлари учун ишлатиб юборган.

Бухоро шаҳрида ходимларнинг маблағларини ўзлаштирган собиқ ҳисобчи аниқланди, дея хабар бермоқда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти.
Қайд этилишича, департаментнинг Бухоро шаҳар бўлими томонидан тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш юзасидан терговга қадар текширув ўтказилган. Унда, “М.” МЧЖ собиқ ҳисобчиси Д.У. МЧЖга тегишли корпоратив картадан 961,5 млн сўмни нақдлаштириб олиб ўзлаштирганлиги ҳамда корхонанинг 59 нафар ходимининг 99 млн сўм иш ҳақини шахсий кредит тўловлари учун йўналтирганлиги аниқланган.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 167-моддаси (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) ва 228-моддаси (ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланклар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.








