Эрон Россияга дронлар етказиб бераётганини инкор қилди
Мамлакат ТИВ раҳбари Теҳроннинг ҳар қандай қуролли можарога қарши эканини айтган.

Эрон Украина можароси томонларига қурол етказиб берилишига қатъиян қарши. Бу ҳақда мамлакат ташқи ишлар вазири Ҳусайн Амир Абдуллохиян маълум қилди.
Дипломат Эрон Россияга учувчисиз қурилмалар етказиб беряптими, деган саволга “Бизда Россия билан мудофаа соҳасидаги келишув бор, аммо Украина можаросидаги ҳеч қайси томонни қўллаб-қувватламаймиз. Чунки бу низонинг чўзилишига олиб келади. Биз ҳар қандай урушга қатъиян қаршимиз. Шу сабабли Украинада ўт очишни тўхтатиш ҳамда тинчликни таъминланишига ҳаракат қиляпмиз”, – деб жавоб берган.
Августда қатор Ғарб нашрлари Москва Теҳрондан учувчисиз қурилмалар сотиб олаётганини ёзганди. Бу каби баёнотлар АҚШ расмийлари томонидан ҳам берилган. Ўз навбатида Россия томони ушбу маълумотларни инкор қилган.
Шу билан бирга сўнгги ҳафталарда РФ томонидан Украинанинг қатор шаҳарларига уюштирилган дронлар ҳужумида Эрон қурилмаларидан фойдаланиш ҳолатлари кузатилгани айтилмоқда. Шу муносабат билан Киев Эрон билан дипломатик муносабатлар мақомини пасайтирди.
Аввалроқ ШҲТ саммити доирасида Эрон ва Россия президентлари учрашганди.







