Сурхондарёда 3-синф ўқувчиси мактабда вафот этди
Ҳозирда ҳолат бўйича тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Ижтимоий тармоқларда Сурхондарё вилояти Денов туманида 3-синф ўқувчиси қотиллик қурбони бўлгани ҳақида хабарлар тарқалди. Ҳолат юзасидан вилоят прокуратураси расмий муносабат билдирди.
Маълум қилинишича, Денов тумани “Буюк ипак йўли” маҳалласида яшовчи М.Қ. (аёл) 27 сентябрь куни соат 17:25 ларда ўзига олдиндан таниш бўлган, 2013 йилда туғилган вояга етмаган З.Қ.ни Сариосиё туманига олиб борган. Уйига қайтиб келган вақтида вояга етмаган З.Қ.нинг соғлиги ёмонлашган. М.Қ. ҳолатни кўриб, била туриб уни ҳаёти хавф остида қолганлиги ва ўзини-ўзи ҳимоя қилиш имкониятидан маҳрум бўлганлигини англаган ҳолда унга ёрдам кўрсатмасдан, шу маҳаллада жойлашган Денов тумани Халқ таълими бўлимига қарашли 15-мактабнинг ҳовлисига олиб бориб ташлаб кетган. Оқибатда вояга етмаган З.Қ. мактаб ҳовлисида вафот этган.
Мазкур ҳолат юзасидан жорий йилнинг 28 сентябрь куни Денов тумани прокуратураси томонидан М.Қ.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 117-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда мазкур жиноят иши бўйича дастлабки тергов ҳаракатлари туман ИИБ ТБ томонидан олиб борилмоқда.
“Жиноят ишининг тергови вилоят прокуратураси томонидан алоҳида назоратга олинди”, — дейилади хабарда.








