Ветеринария ва чорвачилик соҳасида кўкрак нишонларини бериш тартиби белгиланди
Бу бўйича Ҳукумат қарори қабул қилинди.

27 сентябрь куни Ҳукумат қарори билан “Ўзбекистон Республикаси ветеринария фидойиси” ва “Ўзбекистон Республикаси чорвачилик фидокори” кўкрак нишонлари тўғрисидаги низомлар тасдиқланди. Бу ҳақда “Ҳуқуқий ахборот” телеграмм каналида хабар қилинди.
“Ўзбекистон Республикаси ветеринария фидойиси” кўкрак нишони билан ветеринария соҳасини ривожлантириш, соҳада назоратни кучайтириш ва хизматлар сифатини ошириш, эпизоотик осойишталик, озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлигини таъминлашга муносиб ҳисса қўшган фуқаролар тақдирланади.
Шунингдек, чорвачиликни ривожлантириш, чорва моллари наслини яхшилаш, озуқа базасини мустаҳкамлашга муносиб ҳисса қўшган шахсларга “Ўзбекистон Республикаси чорвачилик фидокори” кўкрак нишони топширилади.
Номзодлар бўйича таклифлар ҳар йили 1 июлгача Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитасига берилади. Қўмита раиси томонидан номзодларни кўриб чиқиш учун 5 кишилик комиссиялар тузилади.
Комиссиялар номзодлар бўйича таклифларни ўрганиб 1 августгача якуний хулосаларни қабул қилади. Хулосалар асосида Қўмита раисининг кўкрак нишони билан тақдирлаш тўғрисидаги буйруқлари қабул қилинади.
Кўкрак нишонлари ҳар йили 1 сентябрь – Мустақиллик байрами арафасида тантанали топширилади. Кўкрак нишонлари билан тақдирланганларга БҲМнинг 4 баравари (1,2 млн сўм) миқдорида бирйўла тўланадиган пул мукофоти ва эсдалик совғалар берилади.








