Қувайтдан Наманганга парвозлар йўлга қўйилди
Мунтазам рейслар ҳафтасига 3 марта амалга оширилди.

“Jazeera Airways” авиакомпанияси Қувайтдан Наманганга парвозларни йўлга қўйди, дея хабар бермоқда “Uzbekistan airports”.
Бугун, 1 октябрь куни маҳаллий вақт билан соат 6:32 да Қувайтнинг “Jazeera Airways” авиакомпаниясининг самолёти Наманганга келиб қўнди. Ўзбекистонга Эл-Қувайт–Наманган–Эл-Қувайт, янги парвоз йўналишини очган “Airbus–A321” борти анъанавий тарзда сув аркаси билан тантанали равишда кутиб олинди.
Мунтазам рейслар ҳафтасига уч марта – сешанба, пайшанба ва шанба кунлари амалга оширилиши режалаштирилган.
Эслатиб ўтамиз, 2021 йил баҳоридан бери “Jazeera Airways” Қувайт–Тошкент–Қувайт йўналиши бўйича ҳафтасига икки марта: чоршанба ва шанба кунлари чартер ва мунтазам рейсларни муваффақиятли амалга ошириб келмоқда.
“Jazeera Airways” Қувайтнинг иккинчи миллий авиакомпанияси бўлиб, штаб-квартираси ўз терминалига эга халқаро аеропортда жойлашган ва арзон нархлардаги ҳаво саёҳатларига ихтисослашган.







