Бутун ўзбекистонликларнинг онасидан сўккан собиқ ИИБ ходими узр сўраб чиқди
У аудиоёзувдаги гаплар маст ҳолатида айтилганини билдирган.

Аввалроқ ижтимоий тармоқларда Тошкент вилоятининг Оққўрғон туманида собиқ ИИБ ходими бутун ўзбекистонликларнинг онасидан сўккани ёзиб олинган аудиохабар тарқалганди.
Вилоят ИИБ маълумотларига кўра, аудио ёзув эгаси — 1992 йилда туғилган А.Сулаймонов 2022 йилда Оққўрғон тумани ИИБ Профилактика инспектори лавозимига қабул қилинган. Ёш ходим кўп ўтмай хизмат фаолияти давомида ўзини салбий томондан кўрсатганлиги ва ноўрин хатти-ҳаракатлари сабабли жорий йил 30 август куни ички ишлар органларидан бўшатилган.
“Бир аёл билан жанжаллашиб қолганимдан кейин мени ишдан бўшатиб юборишди. Орадан 10 кунлар ўтиб, ўша аёл менга телефон қилди. Ўша пайтда мен маст ҳолатда эдим. Жаҳлим чиқиб, уни ҳар хил сўзлар билан ҳақоратладим. Нима деб сўкканимни, нималар деганимни ўзим ҳам билмадим.
Бутун Оққўрғон аҳлидан, бутун Ўзбекистон аҳолисидан кечирим сўрайман. Бу ишларимдан пушаймонман”, — дейди у.
Ҳозирда фуқаро А.Сулаймоновга нисбатан Оққўрғон туман прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 277-моддаси 3-қисми “г” банди билан жиноят иши қўзғатилган.







