Тошкентда юрист пора билан қўлга тушди
У ҳокимликнинг бош юрисконсультати бўлган.

Тадбиркорнинг 1 500 АҚШ долларини қўлга киритмоқчи бўлган юрисконсульт ушланди, дея хабар бермоқда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти.
Қайд этилишича, Департамент ҳамда ДХХнинг Яккасарой тумани бўлимлари томонидан тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш юзасидан тезкор тадбир ўтказилган. Унда Яккасарой туман ҳокимлигининг бош юрисконсульти Б.Н. “B.S.” МЧЖ томонидан очилган дўконнинг эгалик ҳуқуқини бекор қилиш юзасидан судлар томонидан кўрилаётган апелляция ишини юқори лавозимларда ишловчи танишлари орқали унинг фойдасига ҳал қилиб беришни 1500 АҚШ долларига келишиб, шундан 500 АҚШ долларини ишни бошлаш баҳонасида қўлга киритиб, қолган 1000 АҚШ долларини олган вақтида ашёвий далиллар билан қўлга тушган.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) ва 28, 211-моддаси (пора бериш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.







