Байден Теҳронга қарши янги санкциялар жорий этмоқчи
Бунга Эрондаги намойишлар сабаб қилиб кўрсатилган.

АҚШ шу ҳафтада бир қатор Эрон амалдорларига қарши санкция жорий этади. Бу ҳақда Жозеф Байден маълум қилди.
“Мен Эрондаги намойишларнинг бостирилишидан хавотирдаман. Хусусан, аёллар ва талабаларга зўравонлик ишлатилмоқда...”, – деган Оқ уй раҳбари.
АҚШ президенти эронликларнинг интернетга киришини ташқи хавфсиз воситалар орқали таъминланиши, бир қатор ташкилот ва расмий шахсларга чекловлар қўйилишини айтган. Улар орасида “ахлоқ полицияси” ҳам бор.
Сентябрда АҚШ Эроннинг “ахлоқ полицияси”га қарши санкция жорий этганди. Бундан ташқари, Теҳронга коммуникацион хизматлар кўрсатилишини кенгайтирадиган бош лицензия тақдим этилди. Америка расмийлари буни “Эрон халқини ахборот олиш ва ахборот алмашиш эркинлигини қўллаб-қувватлаш мақсадида” амалга оширилганини қайд этган.
Аввалроқ Эрон президенти АҚШ санкциялари чекловлар остидаги давлатларни мустаҳкамлаётганини айтганди.







