Тошкентда ҳайдовчи ЙПХ инспекторини онасидан сўкиб, ҳақорат қилди
Ҳолат юзасидан ИИББ расмий изоҳ берди.

Ижтимоий тармоқда ЙПХ ходими ва ҳайдовчи ўртасидаги можаро акс этган видео тарқалиб, кўплаб муҳокамаларга сабаб бўлди. Ҳолат юзасидан Тошкент шаҳар ИИББ ахборот хизмати расмий муносабат билдирди.
Маълум қилинишича, бугун, 7 октябрь куни соат 07.30 дан Тошкент шаҳар ИИББ ЙҲХБ инспектори Б.Назирхужаев Шайхонтоҳур туманидаги Бунёдкор ва Ислом Каримов кўчалари чорраҳасида тирбандликни бартараф этиш мақсадида ҳаракатни тартибга солиб турган. Бироқ соат 08.30 ларда Ласетти русумли транспорт воситаси ҳайдовчиси — 1984 йилда туғилган Э.А. уяли телефондан фойдаланиб, ЙПХ инспекторининг ишорасига бўйсунмасдан чорраҳага кириб келган. ЙПХ инспектори ҳайдовчига содир этган қоидабузарлигини тушунтираётган вақтида ҳайдовчи ЙПХ инспекторини онасини ҳақорат қилган, натижада ўзаро тортишув юзага келган.
Ҳайдовчининг ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо бериш мақсадида Шайхонтоҳур тумани ИИО ФМБ томонидан терговга қадар текширув ўтказилмоқда. ЙПХ инспекторининг хатти-ҳаракатлари юзасидан Тошкент шаҳар ИИББ томонидан хизмат текшируви ўтказилмоқда.







