OPEC+ келишуви АҚШга қаратилганми? Сўз саудияликларга
5 октябрь куни OPEC+ давлатлари нефть қазиб олишни қисқартиришга келишиб олганди.

Ар-Риёд нефтдан қурол сифатида фойдаланмаяпти. Бу ҳақда Саудия Арабистони ташқи ишлар давлат вазири Одил ал-Жубайр маълум қилди.
Дипломат OPEC+ аъзоларининг нефт қазиб олишни қисқартиришга доир келишуви АҚШга қарши қаратилмаганини таъкидлаган.
“Нефть қурол эмас. У қирувчи восита эмас. У танк эмас. Ундан отиб бўлмайди. Биз нефтни товар ва дунё иқтисодиётининг муҳим қисми сифатида кўрамиз. Саудия Арабистони буни АҚШга қарши амалга ошираётгани ёки нефтдан сиёсий мақсадларда фойдаланаётгани тўғрисидаги фикрлар мутлақо нотўғри”, – деган вазир Fox News’га берган интервьюсида.
Ал-Жубайр нефть қазиб олишни қисқартириш энергетика бозорининг бутунлай қуламаслиги учун чора эканини қайд этган. Унинг сўзларига кўра, Саудия Арабистони нефть бозорида барқарорлик сақланиб қолиши тарафдори.
5 октябрь куни OPEC+ давлатлари “қора олтин” қазиб олишни суткасига 2 миллион баррель қисқартиришга келишиб олди. Бу АҚШнинг кескин норозилигига сабаб бўлди.







