АҚШ Саудия Арабистонига қурол экспортини тўхтатмоқчи
Бу OPEC+ келишувига жавобан амалга оширилади.

АҚШ Конгресси Саудия Арабистонига қурол сотишни тўхтатишни кўриб чиқади. Бу саудияликларнинг OPEC+ келишуви доирасида нефть қазиб олишни камайтиришига жавобан содир бўлмоқда.
Ушбу ташаббус муаллифлари сенатор Ричард Блюменталь ва конгрессмен Ро Ханна ҳисобланади.
“Саудия Арабистони Россия билан тил бириктирди ва OPEC+ учрашувида нефть қазиб олишни суткасига 2 миллион баррелга қисқартиришга қарор қилди, бу Россия фойдасига газ нархи кўтарилишига олиб келди”, – деб ёзган ташаббускорлар Politico газетасидаги мақоласида.
Улар Ар-Риёднинг қарорини АҚШга зарба сифатида баҳолаган. Бунга жавобан Вашингтон ҳарбий технологияларни етказиб беришни тўхтатмоқчи.
Ушбу таклиф сешанба куни Конгресснинг ҳар икки палатасида кўриб чиқилади. Қонун чиқарувчи ҳокимият вакилларининг фикрича, саудияликларнинг қадамлари демократлар ва республикачилар орасида бирдек норозиликларга сабаб бўлган ва шу сабабли ташаббус тезкорлик билан қабул қилиниши мумкин.
Маълумот ўрнида: 5 октябрь куни OPEC+ давлатлари “қора олтин” қазиб олишни суткасига 2 миллион баррель қисқартиришга келишиб олди. Бу АҚШнинг кескин норозилигига сабаб бўлди. Ўз навбатида Саудия Арабистони келишув Вашингтонга қарши эмаслигини маълум қилганди.







