Финляндияда энергия тежаш бўйича оммавий кампания бошланди
Мамлакатда 95 фоиз хўжаликларда электр истеъмоли камайтирилади.

Финляндияда энергетикани тежаш бўйича умуммиллий кампанияга старт берилди. Бу ҳақда республика давлат кенгаши сайтида хабар берилди.
Ушбу дастур “Astetta alemmas” (“Бир даража паст”) деб номланади. Ундан кўзланган мақсад Финляндияда энергетик ресурслар нархининг ошишини олдини олиш ва узоқ муддатли истиқболда мамлакатда электр энергиясининг умумий истеъмолини камайтиришдан иборат.
Ушбу режаларга эришиш учун ҳукумат 95 фоиз уй хўжаликларида энергия тежовчи тизимни йўлга қўймоқчи.
“Энергия истеъмоли айниқса, кундуз кунлари соат 8 дан 10 гача ҳамда 16 дан 20 гача камайтирилиши керак”, – дейилади эълон қилинган ҳужжатда.
Лойиҳа қатор вазирликлар, бош вазир канцелярияси, Финляндия энергетика агентлиги ва бошқа ташкилотлар билан ҳамкорликда ишлаб чиқилган.
Аввалроқ энергетик инқироз туфайли Европада мобил алоқа тизимларида муаммо кузатилиши мумкинлиги тўғрисида хабар берилганди.







