МАГАТЭ раҳбари Путин билан учрашади
Бўлажак музокараларда қайси масала кўриб чиқилиши очиқланди.

Шу ҳафтада Россия президенти Владимир Путин ва Халқаро атом энергетикаси агентлиги (МАГАТЭ) бош директори Рафаэль Гросси музокаралари ўтказилади. Бу ҳақда “Ведомости” хабар берди.
Газета суҳбатдошларидан бири учрашув Санкт-Петербургда, сешанба куни бўлиб ўтиши мумкин. Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков Гроссининг ташрифига тайёргарлик кўрилаётганини айтган, аммо батафсил маълумотлар келтирмаганди.
Катта эҳтимол билан томонлар Запорожье АЭСдаги вазиятни муҳокама қилади. Путин 5 октябрь куни АЭСни Россия мулкига айлантириш тўғрисида фармон имзолаганди.
Аввалроқ МАГАТЭ Россия ва Украинани Запорожье АЭС бўйича шартнома тузишга чақирганди.







