Талаба қизларнинг квартирадан ҳайдалгани акс этган видео ёлғон бўлиб чиқди
Ҳолат юзасидан ЎзЖОКУ расмий муносабат билдирди.

Ижтимоий тармоқда Тошкент шаҳридаги квартиралардан бирида ижарачи талаба қизлар уй эгаси томонидан ҳайдалгани акс этган видеолавҳа тарқалди. Ҳолат юзасидан Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети расмий муносабат билдирди.
Қайд этилишича, 10 октябрь санасига ўтар кечаси университетнинг Халқаро ва аудиовизуал журналистика факултетининг 1-босқич талабаси — 1996-йилда туғилган Жумабоев Ҳусниддин Шуҳратбек ўғли ўзининг “GLOBAL TV” (YouTube, Instagram, Tiktok) саҳифаларида ижара уйларнинг нархи кўтарилиши юзасидан саҳналаштирилган видео юклаган.
Ушбу видеода уй эгаси қизларни уйидан чиқиб кетиши ва уларнинг ўрнига 600 АҚШ долларига ижарачи кутиб турганлигини айтган.
Саҳналаштирилган видео контентни тайёрлаш ғояси Kun.uz интернет нашрида эълон қилинган “Хавф остида яшаётган ижарадаги қизлар” мақоласидан кейин туғилган.
Маълум бўлишича, ушбу видео лавҳа бир ярим соатдан кейин тармоқлардан олиб ташланган. Аммо қисқа вақт давомида айрим телеграм каналларида тарқаган ушбу видеога нисбатан ўзгача тус берилган.
Аниқланишича, бу видео Ҳусниддин Жумабоевнинг Тошкент шаҳрининг Чилонзор туманида жойлашган холасининг уйида олинган бўлиб, ундаги иштирокчилар ўзининг курсдошлари.
“Видеолавҳа саҳналаштиришда иштирок этган талабалар бу каби ҳолатга дуч келган жабрланувчилар эмаслигини расман маълум қиламиз”, — дейилади хабарда.







