Фарғонада ИИБ ходими боди камерасиз хизмат олиб борди
Ҳолат юзасидан вилоят ЙҲХБ расмий изоҳ берди.

Ижтимоий тармоқларда боди камерасиз хизмат олиб бораётган Ички ишлар органлари ходими ва ҳайдовчи ўртасидаги мулоқот акс этган видео тарқалди. Ҳолат юзасидан вилоят ИИБ ахборот хизмати расмий муносабат билдирди.
Маълум бўлишича, видеолавҳада келтирилган воқеа 27 сентябрь кунида эмас, 2022 йил май ойида Фарғона вилояти Ички ишлар бошқарамаси бошлиғининг тегишли фармойишига асосан Патрул-пост хизмати ходимлари Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси ихтиёрига ўтказилган вақтда содир бўлган.
Ушбу ходим “Боди камера” билан таъминланган ЙПХ инспекторларига бириктирилган ҳолда хизматга жалб этилган.
“Ички ишлар органлари тўғрисида”ги қонунинг 17-моддаси ва амалдаги “Йўл ҳаракати қоидалари”нинг 7-бандига асосан ички ишлар органлари ходими ҳуқуқбузарлик содир этилганда транспорт воситасини тўхтатиши ва ҳайдовчидан ҳужжатларни талаб қилганда ҳайдовчи меъёрий ҳужжатларини тақдим этиши шарт этиб белгиланган.
“ИИО ходими ваколати доирасида фуқароларнинг шахсини тасдиқловчи ҳужжатлари, транспорт воситаси ва уни бошқариш ҳуқуқини берувчи ҳужжатлар, юклари, юк ҳужжатлари ҳамда багажларни ташқи кўздан кечириш ваколатига эга эканлигини маълум қиламиз”, — дейилади хабарда.







