Лавров Украина билан музокараларнинг бузилишида АҚШни айблаб чиқди
Дипломат Россия ҳеч қачон Киев билан мулоқот сўрамаганини иддао қилди.

Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров АҚШни Москва-Киев музокараларини бузишда айблади. Унинг сўзларига кўра, томонлар март ойида Истанбулда келишувга яқин турган.
“Биз март охирида Украина делегацияси билан музокаралар столида ўтиргандик, Истанбулда ушбу вазиятни ҳал этишнинг ... йўналишлари тасдиқланганди ва бу бизга ўша пайтда маъқул тушганди”, деган дипломат.
Шу билан бирга вазир Украина томони қандай шартлар қўйганини очиқламаган. Унинг фикрича, АҚШ ва Буюк Британия мулоқот жараёнининг тўхтаб қолишига асосий айбдор ҳисобланади.
Лавров Россия томони ҳеч қачон музокараларни талаб қилмаганини таъкидлаган.
“Истанбулдаги музокаралар раунди Украина илтимоси билан бошланганди. Биз ижобий жавоб бердик”, – деб қайд этган у.
Маълумот ўрнида: Россия-Украина музокаралари 29 март куни Истанбулда бўлиб ўтганди.
Аввалроқ Владимир Зеленский Москвани ултиматумлар орқали мулоқот қилишда айблаган ва шу сабабли музокарадан бош тортганди.







