Сурхондарёда ЙПХ ходими калтакланди
Ҳолат юзасидан ЙҲХБ маълумот берди

Ижтимоий тармоқларда Сурхондарё вилоятининг Бойсун туманида Йўл ҳаракати хавфсизлиги инспектори фуқаро томонидан калтаклангани ҳақида хабарлар тарқалди. Ҳолат юзасидан вилоят ИИБ ЙҲХБ маълумот берди.
Қайд этилишича, 15 октябрь куни соат 11:50 ларда Бойсун тумани “Тузбозор” маҳалласи ҳудудида хизмат олиб бораётган инспектор И. Пардаев томонидан Нексия русумли автомашина ҳайдовчиси назорат тариқасида тўхтатилган. Унинг шахси планшет махсус мосламаси орқали текширилганида, фуқаро М.А.га нисбатан қидирув эълон қилинганлиги аниқлананган.
ЙПХ инспектори ҳайдовчини қидирувда эканлигини, ўзи билан туман ИИБга бориши кераклигини айтади. Фуқаро қонуний талабга бўйсунмай, инспекторга фаол қаршилик кўрсатиб, уриб тан жароҳати етказади.
Инспекторнинг қўлидан ўзига тегишли хужжатларини олиб, воқеа жойидан кетишга уринган вақтида шу яқин атрофда хизматга жалб этилган ИИО ходимлари етиб келиб, фуқаро Бойсун тумани ИИБга олиб борилган.
Суд тиббий экспертизасининг дастлабки маълумотларида инспекторда енгил тан жароҳати мавжудлиги кўрсатилиб, ҳолат юзасидан Бойсун тумани Прокуратураси томонидан фуқаро М.А.га нисбатан Жиноят кодексининг 219-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.








