Бўстонлиқда бўрсиқлар ноқонуний овландими?
Экоқўмита тарқалган хабарларга муносабат билдирди.

Ижтимоий тармоқларда Тошкент вилоятининг Бўстионлиқ туманида бўрсиқнинг ноқонуний овланиши билан боғлиқ хабарлар тарқалди. Ҳолат юзасидан Давлат экология қўмитаси матбуот хизмати расмий муносабат билдирди.
Маълум бўлишича, Бўстонлиқ тумани “Яккатут” МФЙда яшовчи А.Т. ва И.Р. Чотқол дарёсининг юқори қисмида симга боғланиб қолган бўрсиқни кўриб қолиб, уяли телефонига расмга тушишгани, шундан сўнг бўрсиқни симдан озод қилиб қўйиб юборганлигини билдирган. Ушбу ҳолат жорий йилнинг сентябрь ойида содир бўлган.
Ўрганиш давомида фуқароларга ёввойи ҳайвонларни нобуд қилиш, Ўзбекистон Республикасининг “Ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида”ги Қонунининг 42-моддаси ва “Ов қилиш ва овчилик хўжалиги тўғрисида”ги Қонунининг 17, 27-моддалари билан жавобгарликка тортилиши тушунтирилган.
Мазкур ҳолат бўйича Тошкент табиатни муҳофаза қилиш прокуратураси ҳамда Тошкент вилояти Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси томонидан қўшимча суриштирув ишлари олиб борилмоқда.








