Қаршидаги хонадонда йирик ёнғин юз берди
Вилоят ФВБ ҳодиса тафсилотларини очиқлади.

Бугун, 22 октябрь куни Қашқадарё вилоятининг Қарши шаҳридаги хонадонлардан бирида ёнғин содир бўлди. Ҳолат юзасидан вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармаси маълумот берди.
Қайд этилишича, соат 11:50 ларда Қарши шаҳрининг “Араловул” МФЙ “Оқ олтин” кўчасида яшовчи фуқаро A.SH. хонадонида ёнғин содир бўлаётганлиги тўғрисида ФВБга хабар келиб тушган.
Шунга кўра, воқеа жойига 3 та ёнғин-қутқарув экипажи жалб қилинган ва соат 12:30 ларда олов тўлиқ бартараф этилган.
Ҳодиса оқибатида ҳеч ким тан жароҳати олмаган. Уйнинг 60 квадрат метр майдонда ички ва том қисми ёнган. Ҳозирда ёнғин сабаблари аниқланмоқда.








