Риши Сунак —Буюк Британиянинг янги бош вазири
У келиб чиқиши осиёлик бўлган Бирлашган Қиролликнинг илк бош вазири сифатида тарихга кирди.

Буюк Британия собиқ молия вазири Риши Сунак мамлакат ҳукуматига раҳбарлик қилади. Унинг ягона рақиби Пенни Мордонт ўз номзодини қайтариб олди.
Сунак консерватор-депутатлар орасида юздан ортиқ овоз тўплашга муваффақ бўлганди. Аммо Мордонт 90 нафар депутатнинг қўллаб-қувватлашига эриша олди, холос.
Сайловда иштирок этиш учун юзта овоз тўплаш керак бўлади. Мордонт етарли даражада қўллаб-қувватлашга эришмагандан сўнг, Сунак ягона номзод сифатида Бош вазир лавозимини эгаллади.
Борис Жонсоннинг сайловда қатнашмаслиги ҳам катта аҳамиятга эга бўлди. У ўз номзодини қайтариб олган.
Сунак келиб чиқиши осиёлик бўлган Британиянинг илк Бош вазири ҳисобланади.
Эътиборлиси, у бундан етти ҳафта олдин бошқа бир номзод — Лиз Трассга мағлуб бўлганди.







