Тошкент метросида сумкасида бомба борлигини айтган қиз ҳибсга олинди
Воқеа жойига ИИВ Махсус операцияларни мувофиқлаштириш бошқармаси гуруҳи етиб келган.

22 октябрь куни “Тошкент” метрополитенининг “Алишер Навоий” бекатида 2003-йилда туғилган қиз автоматик ўтказиш пунктининг биринчи вестибюлида ўз хизмат вазифаларини бажараётган Метрополитенда хавфсизликни таъминлаш бошқармаси ходими томонидан тўхтатилган.
Ходим Н.С.дан унинг сумкани кўришни сўраганида, у сумкасида бомба борлигини айтган. Кўрсатмаларга кўра, МХТБ ходимлари зудлик билан яқин атрофдаги ҳудудни ўраб олган ва воқеа ҳақида навбатчилик бўлимига хабар берган. Шундан сўнг воқеа жойига ИИВ Махсус операцияларни мувофиқлаштириш бошқармаси гуруҳи етиб келган.
Қизнинг сумкасини кўздан кечириш чоғида ундан портловчи мослама топилмаган. У вақтинча ҳибсга олинган. Ходимлар қиздан нима учун сумкасида бомба бор деб айтганини сўраганида, Н.С. кайфияти яхши бўлгани учун шу тарзда ҳазил қилганини билдирган.








