Қашқадарёдаги 48 та мактабда Финляндия таълим тизими жорий қилинади
Бу бўйича Президент мутасаддиларга топшириқ берди.

Бугун, 25 октябрь куни Президент Шавкат Мирзиёев раислигида Қашқадарё вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича йил якунига қадар қилинадиган ишлар ҳамда келгуси йилдаги вазифалар юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказилмоқда.
Йиғилишда Қашқадарё вилояти ҳокими М.Азимов ҳудудни ривожлантириш ишлари ҳолати ва истиқболдаги мақсадлар юзасидан ҳисобот берди. Ҳокимнинг ҳисоботини тинглаб, Президент мутасаддиларга тегишли топшириқларни берди.
Жумладан, мутасаддиларга Қашқадарёда ижтимоий соҳани яхшилаш мақсадида қуйидаги вазифалар юкланди:
—13 та боғчани қайта қуриш ҳамда 14 та маҳаллада янги боғча қуриш лойиҳасини 2023 йил инвестисия дастурига киритиш;
— йил якунига қадар 189 та оилавий боғча ташкил этишга 4,5 миллиард сўм, 2023 йилда 380 та боғча ташкил этишга 52 миллиард сўм субсидия ажратиш;
—бир ой муддатда “Она ва бола тиббиёт маркази”ни жиҳозлаш бўйича лойиҳани тайёрлаш;
— келгуси икки йилда Қарши ва Шаҳрисабз шаҳарлари, Косон, Нишон ва Чироқчида қўшимча 550 ўринли туғруқ комплексларини ташкил этиш;
—йил якунига қадар замонавий тиббий ускуналар хариди учун 2 миллиард сўм ажратиб, 21 турдаги юқори технологик амалиётларни йўлга қўйиш;
— йил якунига қадар Китоб ва Қарши туманларида “Янги Ўзбекистон” массивларини ташкил этиш бўйича таклиф киритиш;
— бир ой муддатда 48 та мактабни танлаб олиб, келгуси ўқув йилидан Финляндия таълим тизимини жорий этиш.








