Сумкасида бомба борлигини айтиб, ИИБ ходимларини алдаган қиз қамалди
Унга нисбатан иккита модда билан иш қўзғатилган.

Тошкент метрополитенида сумкасида бомба борлигини айтиб ҳазиллашган қизга маъмурий қамоқ жазоси тайинланди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар судлари хабар қилмоқда.
Қайд этилишича, 24 октябрь куни жиноят ишлари бўйича Шайхонтоҳур туман судида видеоконференсалоқа воситасида Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183-моддаси (майда безорилик) ва 199-моддаси (махсус хизматларни қасддан алдаб чақирганлик)да назарда тутилган ҳуқуқбузарликларни содир этган С.Х. (2003 йилда Жиззах вилоятида туғилган)га оид маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш кўриб чиқилган.
С.Х. 22 октябр куни Тошкент метрополитенининг “Алишер Навоий” бекатида метрополитенда хизмат қилувчи ички ишлар органлари ходимларига сумкасида “бомба” бор, деб ёлғон хабар берган. Шу аснода метро бекатида жамоат тартибини ва фуқароларнинг осойишталигини бузувчи шу каби бошқа хатти-ҳаракатларда ифодаланган жамиятда юриш-туриш қоидаларини қасддан менсимасдан майда безорилик содир қилиб, ички ишлар органи ходимлари ва махсус хизмат ходимларини қасддан алдаб чақирган.
Суднинг қарорига кўра, С.Х. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183- ва 199-моддаларида назарда тутилган ҳуқуқбузарликларни содир этган деб топилиб, унга ушбу кодекснинг 34-моддаси тартибида узил-кесил 5 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланган.








