Наманган ҳокими автомашинаси 5 ёшли болани уриб юборди
Ҳолат юзасидан ҳокимлик расмий изоҳ берди.

Ижтимоий тармоқларда Наманган вилояти ҳокимининг хизмат автомашинаси Уйчи туманида йўловчини уриб юборгани ҳақида хабарлар тарқалди. Ҳолат юзасидан вилоят ҳокимлиги матубот хизмати расмий муносабат билдирди.
Маълум қилинишича, ҳодиса 7 октябрь куни соат 12:50 ларда Наманган–Уйчи–Учқўрғон йўлининг 8-километрида юз берган. Вилояти ҳокимлиги тасарруфидаги Toyota Land Cruiser русумли автомашина йўлни кесиб ўтаётган 2017 йилда туғилган фуқарони туртиб юборган. Йўловчини зудлик билан туман тиббиёт бирлашмасига олиб борилган. Тўлиқ тиббий текширув ўтказилган, жиддий шикастланиш аниқланмаган, фақатгина юз соҳасида шилиниш бўлган, тез тиббий ёрдам кўрсатилган. Қўшимча даволаниш талаб этилмайди.
“Ҳозирда йўловчининг аҳволи яхши ва ўзининг уйида одатдаги ҳаётий фаолиятини давом эттирмоқда”, — дейилади хабарда.
Йўл транспорт ҳодисаси бўйича барча хужжатлар ИИБ томонидан расмийлаштирилган.








