Иқлим ўзгариши инсон саломатлигига тобора кўпроқ салбий таъсир кўрсатмоқда
Бу бўйича йирик ҳисобот эълон қилинди.

Иқлим ўзгариши тобора бутун сайёра аҳолиси саломатлигига салбий таъсир кўрсатмоқда. Бу ҳақда Lancet тиббиёт журналида эълон қилинган “Тескари ҳисоб” номли йиллик ҳисоботда сўз боради.
Унинг муаллифлари ўнта халқаро ташкилот, жумладан, ЖССТ тадқиқотларини бирлаштирган.
Тадқиқотлар натижаларига шуни кўрсатадики, иссиқлик оқибатида одамлар аввалгига қараганда бир ярим баробар кўп вафот этмоқда; чивин ва турли ҳашаротлар олдингидан кўпроқ инфекцион касалликларни тарқатмоқда.
БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш ҳам BBC’га берган интервьюсида сўнгги вақтларда иқлим муаммоларини ортга суриш тенденцияси кучайганини тан олган ва дунё давлатларини бу масалага жидддий эътибор қаратишга чақирганди. У қазиб олинадиган ёқилғига қарамлик бутунлай назоратдан чиқиб кетганини таъкидлаганди.
“Ҳақиқатни айтишимиз керак. Иқлим ўзгаришлари айрим давлатларга ҳалокатли таъсирини ўтказмоқда”, – деган Бош котиб.
Ноябрь ойида Мисрда БМТнинг иқлим бўйича йиллик конференцияси ўтказилади. Lancet ҳисоботи дарҳол ҳаракат қилишга ундовчи ўзига хос чақириқ ҳисобланади.
“Ҳукуматлар ва компаниялар инсон саломатлиги ва фаровонлигини ҳисобга олмай, ҳамон қазиб олинадиган ёғилғига устуворликни бериб келмоқда. Биз бунга қарши дарҳол чора кўришимиз керак”, – деган ҳисобот муаллифларидан бири Кэтрин Боуэн.
Йель университети тиббиёт факультети ва иқлим ўзгариши ва саломатлик маркази эксперти доктор Жоди Шерман ўз навбатида бу чоралар ҳам ривожланган, ҳам ривожланаётган давлатлар томонидан кўрилиши кераклиги таъкидлаган. Унинг сўзларига кўра, айнан ривожланаётган давлатлар иқлим ўзгаришига қарши стратегияларни истамай амалга оширмоқда.
“Ҳеч қайси давлат етарли иш қилмаяпти. Иқлим ўзгаришидан энг кўп азият чекадиган давлатлар унинг оқибатларига қарши кураш учун энг кам тайёргарликка эга. Бой давлатлар атмосферага катта миқдорда газ чиқаради, аммо камбағал давлатларда бу ҳолатга мослашиш учун маблағ йўқ”, – деб қайд этган Шерман.
Ҳисоботда нималар ўрин олган?
“Дунё аҳолисининг саломатлиги ёнувчан энергия тарафдорлари томонидан гаровга олинган”, – дейилади ҳисоботда.
2020 йилда 4.7 миллион одам ифлосланган ҳаво оқибатида вафот этган. Уларнинг 1.3 миллиони бевосита анъанавий энергия манбалари билан боғлиқлигини қайд этилган.
Энг асосий муаммолардан бири — озиқ-овқат хавфсизлиги. Lancet таҳлилига кўра, озиқ-овқат етишмовчилиги билан 1981-2010 йилларда нисбатан 100 миллиондан кўпроқ одам тўқнаш келмоқда. Бундан ташқари, сўнгги 50 йилда қурғоқчиликдан азият чекаётган майдонлар ҳажми 1/3 га кўпайган. Бу юз миллионлаб одамларнинг қишлоқ хўжалиги билан шуғулланишини имконсиз қилиб қўйди.
“Иқлим ўзгариши ҳозирнинг ўзида озиқ-овқат хавфсизлигига салбий таъсир кўрсатмоқда, бу хавфли оқибатларни — тўйиб овқатланмасликка олиб келади”, – деб шарҳ берган ҳисобот муаллифларидан бири Элизабет Робинсон.
Унинг қўшимча қилишича, ҳароратнинг бундан буён кўтарилиб бориши, табиий офатларнинг кўпайиши овқатнинг янада танқислашувига олиб келади.
Яна бир муаммо иссиқлик натижасида ўлимлар сонининг ошиши. Сўнгги 20 йилда бу кўрсатгич 68 фоизга ошди.
Шунингдек, ўрмон ёнғинларининг юқори хавфи бўлган кунлар ҳам 61 фоизга кўпайган.
Атмосферада ҳарорат кўтарилиши юқумли касалликларнинг асосий ташувчиси бўлган чивинларга ўта қулай муҳит яратди. Масалан, йил давомида безгак тарқалиши учун қулай кунлар 1951-1960 йилларга нисбатан Американинг айрим ҳудудларида 1/3 га, Африкада 14 йоизга ошган.
Атмосферага углеродларнинг чиқарилишининг кўпайиши соғлиқни сақлаш тизимидаги глобал инқирозлар, жумладан, пандемиялар оқибатларини чуқурлаштиради. Бу нуқтада парадокс ҳолат юзага келган: бир томондан Covid-19 оқибатларига қарши кураш воситалари қидирилмоқда, бошқа тарафдан қаўиб олинадиган ёқилғи учун юзлаб миллиард доллар ажратилмоқда.
Яшаш учун яроқсиз иссиқ келажак
Ҳисобот муаллифлари 86 ҳукуматнинг ҳаракатларини таҳлил қилди. Унинг натижаларига кўра, 2019 йилда уларнинг 69 таси қазиб олинадиган ёқилғи ишлаб чиқарилиши ва истеъмоли учун 400 миллиард доллар ажратган. Аҳоли электр энергиясининг баланд нархлари билан курашаётган бир пайтда уголеводород қазиб оладиган компаниялар рекорд миқдорда даромад олмоқда.
Ушбу фаолият билан шуғулланадиган 15 йирик компания стратегиялари эса Париж иқлим келишувида кўзда тутилган мақсадларга мутлақо мос эмас. Агар бу тенденциялар давом этса, углеводородлардан тўлиқ қутулишга 150 йил вақт керак бўлади. Бу эса Париж келишувида белгиланган 2050 йилга келиб атмосферага ис газини чиқаришни бутунлай тўхтатиш мақсадига эришиш имконини бермайди.
“Ҳукуматлар ва компанияларнинг қазиб олинадиган ёқилғига боғланган жорий стратегиялари бизни хавфли келажакка олиб кетмоқда: янада иссиқ, аммо яшаш учун яроқсиз дунё”, – деб огоҳлантирган Лондон коллеж университети профессори Пол Экинс.
Ҳисобот муаллифлари дунё давлатларини соғлом ҳаракатларга чақирган. Масалан, ҳаво сифатини яхшилаш, ўсимликдан тайёрланадиган озиқ-овқат маҳсулотларга ўтишни тезлаштириш таклиф қилинган. олимларнинг фикрича, бу қишлоқ хўжалигида атмосферага зарарли газлар чиқарилишини икки баробар камайтиради ва тўйиб овқатланмаслик билан боғлиқ 11.5 миллион ўлимнинг олди олинади.








