Толиблар Афғонистонни Хитойнинг йирик ташаббусига қўшмоқчи
Бу бўйича Хитой элчиси билан музокаралар ўтказилган.

"Толибон" Хитойдан Афғонистонни "Бир камар — бир йўл" лойиҳасига қўшишни сўради. Бу ҳақда Афғонистон муваққат ҳукумати раиси ўринбосари Абдул Ғани Бародар ХХР элчиси Ван Юй билан учрашувда гапирган.
Хитой дипломатик миссияси раҳбари билан музокараларда, шунингдек, икки давлат ўртасидаги йирик иқтисодий лойиҳалар ҳам муҳокама қилинган.
"Хитой ва Афғонистонни тарихий алоқалар боғлаб туради. Афғонистон Ислом Амирлиги (толиблар давлатни расман шундай ном билан атайди) бу муносабатларни давом эттиришни истайди", — деган Бародар.
Шу билан бирга у Кобул Пекиннинг афғон иқтисодиётига инвестициялар киритишидан манфаатдор эканини қайд этган.
Ўз навбатда Ван Юй Хитой томони тез орада иқтисодий лойиҳаларнинг амалий қисмига ўтишини маълум қилган.
Аввалроқ Билл Гейтс "Толибон" билан соғлиқни сақлаш йўналишида ҳамкорлик қилаётгани тўғрисида хабар берилганди.







