Самарқандда соф олтинни пуллаётган шахслар ушланди
Ҳозирда иш бўйича тергов бошланган.

“999,9” пробали соф олтинни сотмоқчи бўлган шахслар ушланди, дея хабар бермоқда Бош прокуратура ҳузуридаги иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти.
Қайд этилишича, Департамент ҳамда ДХХнинг Навоий вилояти бошқармалари томонидан тезкор тадбир ўтказилган. Фуқаролар Д.Э. ва Б.Р. ноқонуний даромад орттириш мақсадида Самарқанд вилояти Пахтачи тумани “Султонобод” МФЙ ҳудудида фуқаро Б.га оғирлиги 474,75 грамм бўлган 1 дона олтинга ўхшаш сариқ рангли қуйма металлни 287,3 млн сўмга сотган вақтларида ашёвий далиллар билан қўлга тушган.
Экспертиза хулосасига кўра, 1 дона сариқ рангли металлнинг 469,52 грамми “999,9” пробали соф олтин эканлиги аниқланган.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 177-моддаси (валюта қимматликларини қонунга хилоф равишда олиш ёки ўтказиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.








