Санаторийларга йўлланма олиш бўйича электрон навбат жорий қилинди
Фойдаланувчилар ДХМ ёки ЯИДХП орқали бу имкониятдан фойдаланиш мумкин.

Кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларга санаторийларда даволаниш учун йўлланма бериш бўйича электрон навбат жорий этилди. Бу ҳақда «ЎзА» ахборот агентлиги хабар қилмоқда.
Қайд этилишича, Ўзбекистон Республикаси Тиббий-ижтимоий хизматларни ривожлантириш агентлиги тизимидаги кексалар, ногиронлиги бўлган шахслар, уруш ва меҳнат фахрийлари учун санаторийларга йўлланмалар Уруш ногиронларига ва қатнашчиларига тенглаштирилган шахсларга, ҳалок бўлган ҳарбий хизматчиларнинг янги никоҳдан ўтмаган бева хотинлари (бева эрлари)га берилади.
Шунингдек, республика аҳамиятига молик шахсий пенсия олувчи шахслар, Чернобил АЭС ҳалокати оқибатида нурланиш касаллигига чалинган ва уни бошидан кечирган шахслар, шунингдек, Чернобил ҳалокати сабабли ногирон бўлиб қолган шахслар, Ядро полигонлари ва бошқа радиация-ядро объектларида ҳарбий хизматни ўтаган пенсия ёшидаги шахслар ҳам мазкур имкониятдан фойдаланишлари мумкин.
1- ва 2-гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар, кўзи ожиз 1-гуруҳ ногиронини кузатиб борувчи шахсларга, ўзгалар парваришига муҳтож бўлган ёлғиз кексаларга ва ёшга доир пенсия олувчиларга ҳам санаторийларда даволаниш учун йўлланмалар берилади.
Йўлланмаларни бериш даврийлиги (бирламчи мурожаат этганлар бундан мустасно) ҳар йили – навбат асосида иборат бўлади.
Фойдаланувчилар Давлат хизматлари марказлари ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали (ЯИДХП) бу имкониятдан фойдаланиш мумкин. Электрон тизим орқали йўлланмалар расмийлаштирилгандан кейин Давлат хизматлари марказларига кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларнинг ўзлари ёки вакиллари келиб, йўлланмаларнинг электрон ёки қоғоз шаклидаги нусхаларини олиши ҳам мумкин.
Таъкидланишича, бугунги кунда Тиббий-ижтимоий хизматларни ривожлантириш агентлиги тизимида 11 та санаторий мавжуд бўлиб, уларнинг бир йиллик соғломлаштириш қуввати 45 минг нафар фуқарони ташкил қилади. 2024 йилга қадар эса яна ҳар бири 100 ўринга мўлжалланган 4 та санаторий қуриш кўзда тутилган.
Тошкент шаҳрида навбатга олинган фуқаролар учун «Нуронийлар» санаторийси, «Товоқсой» санаторийси, “Маржон суви” санаторийси, «Олтиариқ» санаторийси ва «Косонсой» санаторийси каби 5 та санаторий хизмат кўрсатади.








