Самарқанддаги ЙТҲда юк машинаси ёниб кетди
Ҳолат бўйича ФВВ маълумот берди.

Ижтимоий тармоқларда Самарқанд вилоятида юк машинаси йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида ёниб кетгани ҳақида хабарлар тарқалди. Ҳолат юзасидан Фавқулодда вазиятлар вазирлиги маълумот берди.
Қайд этилишича, ҳодиса бугун, 31 октябрь куни М-39 “Тошкент–Термиз” автомобил йўлининг Самарқанд вилояти ҳудудида юз берган. “DAF” русумли юк автомашинаси ҳайдовчиси бошқарувни йўқотиб, “LADA” русумли автомашинага бориб урилган. Тўқнашув натижасида юк автомашинасида ёнғин келиб чиққан.
2 та ёнғин-қутқарув экипажи соат 15:32 да воқеа жойига етиб борган ва олов соат 15:50 да бартараф этилган. Ҳодиса оқибатида ҳалок бўлганлар йўқ. Транспорт воситасининг салони, қисман юкхонаси ва унга ортилган маҳсулотлари ёниб зарарланган.








