Тошкент вилоятида 19 ёшли йигит дўппосланиб, устига “зелёнка” сепиб юборилди
Ҳозирда ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилган.

Ижтимоий тармоқларда номаълум шахслар фуқарони ураётгани акс этган видео тарқалди. Ҳолат юзасидан вилоят ИИББ расмий маълумот берди.
Маълум бўлишича, жорий йилнинг 12 октябрь куни соат 21:00 ларда 2003 йилда туғилган Ж.Р., 2001 йилда туғилган Ш.A. ва 2005 ййилда туғилган Р.A.лар, телеграм-бот орқали гиёҳвандлик моддаларни тарқатиш билан шуғулланган 2003 йилда туғилган A.Б. билан Миробод туманида учрашув белгилашган. Шундан сўнг уни Бўстонлиқ туманига олиб бориб, уриб тан жароҳати етказишган ва устига “зелёнка” сепишган.
Мазкур ҳолат юзасидан Миробод тумани ИИО ФМБ тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 137-моддаси 2-қисми (Одам ўғирлаш) ва 105-моддаси 2-қисми (Қасддан баданга ўртача оғир шикаст етказиш) билан жиноят иши қўзғатилган. Уларга нисбатан қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланган.
Тергов жараёнида Ж.Р., Ш.A. ва Р.A.лар шунга ўхшаш бошқа бир қанча жиноятларни содир этишга алоқадорлиги аниқланган. Тергов давом этмоқда.








