Тошкентдаги мактабларда ичига гиёҳванд модда солинган сақич тарқатияптими?
Шаҳар ИИББ ижимоий тармоқда тарқалган хабарларга изоҳ берди.

Ижтимоий тармоқларда Тошкент шаҳридаги 60-сонли ва 110-сонли умумий ўрта таълим мактабларида таркибида гиёҳвандлик моддалари бўлган сақич ва ширинликлар тарқатилаётганлиги ҳақидаги аудиохабарлар тарқалиб, турли муҳокамаларга сабаб бўлмоқда. Ҳолат юзасидан шаҳар ИИББ расмий муносабат билдирди.
Маълум қилинишича, тарқалган хабар бўйича Тошкент шаҳар ИИББ масъуллари томонидан ушбу мактабларда ўрганиш ишлари ўтказилган ва бу каби ҳолатлар қайд этилмагани аниқланган.
Таъкидланишича, Тошкент шаҳридаги барча умумтаълим мактабларида вояга етмаганлар масалалари бўйича инспектор-психологлар фаолият юритиб келмоқда. Улар томонидан ўқувчилар ўртасида турли хил салбий ҳолатларни, шунингдек гиёҳвандлик воситалари, психотроп ёки снюс каби моддаларни истеъмол қилинишини олдини олиш мақсадида мунтазам равишда профилактик тадбирлар амалга оширилади.








