Самарқанддаги омборхонада ёнғин чиқди
Ҳолат бўйича вазирлик маълумот берди.

Бугун, 2 ноябрь куни Самарқанд шаҳридаги омборхоналардан бирида ёнғин чиқди. Ҳолат юзасидан Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Матбуот хизмати расмий маълумот берди.
Қайд этилишича, соат 17:11 да Самарқанд шаҳри “А.Навоий” МФЙ Шоҳруҳ кўчада жойлашган омборхонада ёнғин содир бўлаётганлиги тўғрисида вилоят ФВБга хабар келиб тушган. Шунга кўра, 5 та ёнғин-қутқарув экипажи соат 17:18 да воқеа жойига етиб бориб, ёнғин соат 17:29 да қуршаб олинган ва соат 18:40 бартараф этилган.
Ҳодиса оқибатида тан жароҳати олган ва ҳалок бўлганлар йўқ. Бинонинг гараж ҳудудидаги ёнилғи сақлаш хонасининг 20 квадрат метр майдони ва ёнилғи ташишга мўлжалланган (бензавоз) “GAZ-52” автомобили ёниб зарарланган.
Ҳозирда ёнғиннинг келиб чиқиш сабаби ва моддий зарар миқдори аниқланмоқда.








