Ўзбекистонда илк бор юрак ва буйрак бир вақтда операция қилинди
Бундай мураккаб амалиёт дунё бўйича йилига атиги 5-10 марта амалга оширилади.

Академик В. Воҳидов номидаги Республика ихтисослаштирилган хирургия илмий-амалий тиббиёт марказида бир вақтнинг ўзида юрак коронар-шунтлаш ва буйрак трансплантацияси амалиёти ўтказилди. Миллий хирургия тарихида илк бор амалга оширилган бу ноёб операция ўзбек кардиожарроҳ ва трансплантологлари томонидан мустақил бажарилди.
Давронбек Ғойибов 47 ёшда. Юқори қон босими, бош оғриғи, кўз хиралашиши ва доимий чарчоқ каби асоратлардан азият чекиб келган бемор ўзида сурункали буйрак етишмовчилиги борлигидан хабар топади ва диализ муолажаларини ола бошлайди.
Бемор кўп йиллардан бери қандли диабет, гипертония касаллиги билан кардиолог ва эндокринолог назоратида ҳам турарди. Буларнинг барчаси унинг аҳволини янада оғирлаштирди.
Натижада сентябрь ойида Хирургия марказига буйрак кўчириб ўтказиш бўйича мурожаат қилади. Беморга ўз қизи Зебинисо Ғойибова донорлик қиладиган бўлган.
“Буйрак трансплантацияси жуда узоқ вақт давом этиши сабабли буни хастанинг юраги кўтара олмаслиги мумкин эди. Чунки текширувлар давомида бемор юрагининг учта жойида жиддий муаммо аниқланди. Операция давомида юрак танага қон етказиб бера олмасдан, инфаркт юзага келиши хавфи бор эди. Шунинг учун ҳам режалаштирилган амалиёт икки босқичда ўтиши белгиланди”, — дейди марказнинг бўлим мудири, профессор Фазлиддин Баҳриддинов.
Биринчи босқичда юракда коронар-шунтлаш амалиёти бажарилиб, унга параллел равишда буйрак кўчириб ўтказишга қарор қилинган.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, бундай мураккаб амалиёт дунё бўйича йилига атиги 5-10 марта амалга оширилади. Ўзбекистон ҳудудида эса ҳали бундай операция бажарилмаган. Хирургия марказида ташкил этилган комиссия аъзоларининг рухсати билан бошланган ушбу юқори технологик ноёб муолажа муваффақиятли яқунланди.
Ҳозир бемор ва донорнинг аҳволи яхши, уларни тиббий стандартлар бўйича даволаш жараёни давом эттирилмоқда.








