Намангандаги хонадонлардан бирида ёнғин чиқди
Ҳодиса оқибатида уй эгаларига тегишли ҳужжатлар ёниб кетган.

Бугун, 6 ноябрь куни Наманган шаҳридаги хонададонлардан бирида ёнғин чиқди. Ҳолат юзасидан вилоят ФВБ маълумот берди.
Қайд этилишича, соат 11:03 да Наманган шаҳар “Истиқбол” МФЙда жойлашган хонадонларнинг бирида ёнғин содир бўлаётганлиги ҳақида 101 қисқа рақами орқали хабар келиб тушган. Шунга кўра, воқеа жойига ёнғин-қутқарув экипажлари етиб бориб, соат 11:57 да олов тўлиқ бартараф этилган.
Ҳодиса оқибатида ҳеч ким тан жароҳати олмаган. Уйнинг шифт ва том қисмидан 90 квадрат метр жойи хамда уй-рўзғор бюмлари, уй эгаларига тегишли ҳужжатлари ёниб зарарланган.
Ҳозирда ҳолат юзасидан терговга қадар суруштирув ишлари олиб борилмоқда.








