WP: АҚШнинг Украинага нисбатан сиёсати ўзгариши мумкин
Бу Конгресс оралиқ сайлов натижаларига боғлиқ.

АҚШ Конгрессига оралиқ сайловларда Республикачилар ғалаба қозонса, Украинага нисбатан сиёсат қайта кўриб чиқилиши мумкин. Бу ҳақда The Washington Post ёзмоқда.
Газетада эълон қилинган махсус мақолада айрим республикачиларнинг фикрларига иқтибос берилган. Муаллифлар Конгрессда республикачилар кўпчилик ўринни эгаллаган тақдирда, Украина масаласига эътибор сусайиши ва асосан АҚШ ички муаммоларига устуворлик берилишини тахмин қилган.
Масалан, Вакиллар палатаси аъзоси, республикачи Тейлор Грин “республикачилар даврида Украинага бир тийин ҳам берилмаслиги”ни айтган. Республикачиларнинг палатадаги етакчиси Кевин Маккарти ҳам шу позицияда.
Партиянинг ушбу позицияси демократлар бошчилигидаги Оқ уй ҳаракатларига қарама-қарши бўлиши таъкидланган.
“Байден ва унинг иттифоқчилари Украина учун курашни демократия ва либерал дунё тартиботи учун кураш сифатида баҳоламоқда”, – дейилади мақолада.
АҚШ Конгрессига оралиқ сайловлар 8 ноябрда бўлиб ўтади.







