ЕИ Қозоғистон нефть-газидан умидвор
Брюссель Остона билан муҳим йўналишда шартнома имзолади.

Еврокомиссия раҳбари Урсула фон дер Ляйен ва Қозоғистон бош вазири Алихан Смаилов Мисрда бўлиб ўтаётган COP27 конференциясида энергетика соҳасида ҳамкорликни кенгайтиришга келишиб олди.
Брюссель ва Остона энергия ва хомашё етказиб беришдаги қўшма ҳаракатларни янада кенгайтиради. Фон дер Ляйен ва Смаилов 7 ноябрда бу бўйича тегишли келишувни имзолаган.
Ушбу шартномадан кўзланган мақсад — айрим турдаги хомашё етказиб беришни таъминлаш ва водород ҳамда атроф-муҳитга зарар етказмайдиган батареяларни тайёрлаш учун етказиб бериш занжирларини ривожлантиришдан иборат.
ЕИ ва Қозоғистон ўртасида тоғ-қон ва нефтни қайта ишлаш саноатидаги ҳамкорликни кенгайтириш бўйича жараёнлар кейинги олти ойда ишлаб чиқилади.
Ўз навбатида Евроиттифоқнинг иқтисодий гиганти Германия ҳам Остона билан энергетик ҳамкорликни кучайтириш истагини билдирди.
Европанинг етказиб бериш занжирларига қарамлиги айниқса, коронавирус пандемияси даврида яққол кўриниб қолди. Россия-Украина уруши эса ЕИнинг айрим давлатларининг рус нефть ва газига қаттиқ боғланиб қолганини кўрсатди. Ҳозирги кунда Брюссель янги иқтисодий ҳамкорлар изламоқда.







