АҚШ мансабдорлари: Россия ҳам, Украина ҳам урушдаги мақсадига эриша олмайди
Херсон озод этилиши Киевнинг музокаралардаги позициясини мустаҳкамлайди

NBC янгиликлар хизмати хабар қилишича, айрим америкалик мансабдорлар Украинанинг ҳам, Россиянинг ҳам урушдаги мақсадига эриша олмаслигига ишончи комил. Шунинг учун улар қишки тинчликдан музокаралар учун сабаб сифатида фойдаланмоқчи.
Хабарда айтилишича, "Украина Россия ҳарбийларини бутунлай ўз ҳудудидан чиқара олиши даргумон ва агар қишда ҳарбий ҳаракатлар мувозанатга келса, ҳеч ким ўз мақсадига эришиб, бутун мамлакатни назоратига ололмайди".
Аввалроқ АҚШ Президенти маслаҳатчиси Жейк Салливан Киевга келиб, Украина ҳукуматидан тинчликка тайёр эканини исботлашни сўраган эди. Шунингдек, у Вашингтон Киевни ҳеч нарсага мажбурламаслигини таъкидлаган.
Зеленский Салливанга жавобан Киев уруш бошидан бери дипломатияга интилгани, фақатгина оммавий қотиллик ва ҳарбий жиноятлар туфайлигина Путин билан кўришишдан воз кечганини эслатган.
АҚШ ва ғарб сиёсатчилари Херсон озод бўлиши Киевнинг музокаралардаги позициясини кучайтириши мумкинлиги ҳақида гапира бошлади.







