ТДТ доирасида жиноятчиликка қарши кураш соҳасидаги ҳамкорлик
Бу йўналиш дунёда тинчликни мустаҳкамлайди, хавфсизлик ва барқарорликни таъминлайди.

Бугунги кунда жиноятчиликка қарши курашиш глобал вазифа бўлиб, шу муносабат билан давлатлар ўртасидаги ҳамкорлик масалалари алоҳида аҳамият касб этиб бормоқда. Бундай ҳамкорликка эҳтиёж, айниқса, халқаро жиноятчилик таҳдидларининг кучайиши туфайли яққол намоён бўлади. Кўпинча халқаро ва минтақавий ташкилотлар жиноятчиликка қарши курашда муҳим платформага айланади. Туркий давлатлар ташкилоти (ТДТ) ҳам шундай қулай платформага айланиши мумкин. Бугунги кунда ушбу ташкилот умумий майдони 4,2 миллион квадрат метрдан ортиқ бўлган беш мамлакат (кузатувчи мамлакатларни ҳисобга олмаганда)ни бирлаштириб, уларда 155 миллиондан ортиқ киши истиқомат қилади. Шу муносабат билан ушбу ташкилот хавфсизликни таъминлаш ва тинчликни сақлашга эътибор қаратиши лозим.
Нима учун ТДТ доирасида жиноятчиликка қарши кураш соҳасида ҳамкорликни йўлга қўйиш ва мустаҳкамлаш муҳим?
Биринчидан, бундай ҳамкорлик ташкилотнинг Низомида белгиланган мақсадларга мос келади. Нахичеван келишувининг 2-моддасига биноан ўзаро ишонч, дўстлик ва яхши қўшничиликни мустаҳкамлаш; тинчликни сақлаш ва минтақада ва умуман дунёда хавфсизлик ва ишончни мустаҳкамлаш; халқаро терроризм ва сепаратизм, экстремизм, одам савдоси, гиёҳванд моддалар савдосига қарши кураш бўйича ҳаракатларни мувофиқлаштириш, шунингдек гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддаларнинг ноқонуний айланишини назорат қилиш бўйича халқаро сиёсатга кўмаклашиш ТДТнинг асосий мақсад ва вазифалари сифатида кўрсатилган. Бинобарин, бундай мақсад ва вазифаларга эришиш мамлакатлар ўртасида жиноятчиликка қарши курашиш бўйича ҳамкорликни фаоллаштиришни талаб қилади. Бугунги кунда жиноятчиликка қарши курашиш соҳасидаги ҳамкорлик масалалари икки томонлама келишувлар (шартномалар) билан тартибга солинади. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Туркия (1994), Қирғизистон (1996), Туркманистон (1996), Қозоғистон (1997), Озарбайжон (1997) билан ҳам шундай келишувлар имзолаган. Бизнинг фикримизча, ушбу масала бўйича махсус стратегик ҳужжат қабул қилиниши керак. Ушбу ҳужжатни ишлаб чиқишда икки томонлама ҳамкорлик доирасида орттирилган тажрибани ҳисобга олиш керак.
Иккинчидан, жиноятчиликка қарши кураш соҳасидаги ҳамкорлик хавфсизликни таъминлашга ижобий таъсир кўрсатмоқда. Numbeo ташкилотининг дунёдаги жиноятчилик индекси бўйича статистик маълумотларига кўра (Crime Index for Country), 2022 йилнинг биринчи ярми якунларига кўра, ТДТ иштирокчи мамлакатларида жиноятчилик даражаси паст ҳисобланади. Мамлакатлар кўрсаткичи ўртача 43 га тенг бўлиб, бу жиноятчилик даражаси нисбатан паст (Ўзбекистонда бу кўрсаткич 33,68 ни ташкил этади, бу жуда яхши кўрсаткич) эканлигини кўрсатмоқда. Мазкур ҳолат ҳар бир мамлакатнинг якка тартибдаги саъй-ҳаракатларини намойиш этади. Шу билан бирга, ТДТда иштирок этувчи мамлакатларнинг ҳамкорлиги жиноятчилик даражасини пасайтиришга ҳисса қўшиши мумкин. Умуман олганда, жиноятчилик даражасининг яхшиланиши мамлакатлар ва минтақанинг хавфсизлик рейтингини оширишга имкон беради. Ўз навбатида, бундай ҳаракатлар инвестицион жозибадорликни ошириши ва мамлакатнинг халқаро майдондаги обрўсини мустаҳкамлаши мумкин.
Учинчидан, мамлакатлар ўртасидаги ҳамкорлик терроризм ва диний экстремизм билан боғлиқ таҳдидлар хавфини камайтиришга ёрдам беради. Ушбу таҳдид барча мамлакатлар, шу жумладан ТДТ мамлакатлари учун хавф туғдиради. Марказий Осиёда экстремистик жиноятлар сони камайганига қарамай (уларнинг аксарияти ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан жиноят содир этилишидан олдин ошкор қилинмоқда), фуқароларни Интернет ва ижтимоий тармоқлар орқали ёллаш ҳолатлари кўпаймоқда. Хусусан, Яқин Шарқдаги ноқонуний ҳаракатларда иштирок этиш учун фуқароларни ёллаш хавфи ортмоқда. Минтақавий таҳдидларни ўрганиш марказининг 2015-2021 йиллардаги маълумотларига кўра, халқаро террористик ташкилотларнинг ёлловчилари Ўзбекистоннинг 27 минг фуқароси билан “ишлаган”. Шу билан бирга, 2022 йилнинг биринчи ярмида ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари 10 дан ортиқ “виртуал гуруҳлар”ни аниқлашган ва Интернетда 250 га яқин мустақил ёлловчиларни ушлашган. Бундай хавфларнинг олдини олиш ҳамда терроризм ва диний экстремизм таҳдидларини камайтириш мақсадида ТДТга аъзо мамлакатларнинг тегишли идоралари ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш мақсадга мувофиқдир.
Юқоридагиларни умумлаштириб шуни таъкидлаш мумкинки, ТДТ кўплаб соҳаларда муносабатларни ривожлантириш ва ҳамкорликни мустаҳкамлаш учун яхши салоҳиятга эга. Жиноятчиликка қарши кураш соҳасидаги ҳамкорлик халқаро жиноятчилик таҳдидини ҳисобга олган ҳолда истиқболли йўналишлардан биридир. Ҳамкорликнинг бундай йўналиши ТДТ иштирокчи мамлакатлари учун умумий қизиқиш уйғотади. Шу боис жиноятчиликка қарши курашиш соҳасидаги самарали ҳамкорлик минтақада ва умуман дунёда тинчликни мустаҳкамлайди, хавфсизлик ва барқарорликни таъминлайди.
Абдулазиз Расулев
Шоҳжахон Хўжаев








