Андижон ССБ раҳбари вазифасидан кетмоқда
Ҳолат бўйича вилоят ҳокимлиги маълумот берди.

Ижтимоий тармоқларда Андижон вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи ишдан олиниши кутилаёгани ҳақида хабарлар тарқалди. Ҳолат юзасидан вилоят ҳокимлиги расмий муносабат билдирди.
Маълум қилинишича, 2022 йили 8 август куни Ўзбекистон Республикасининг “Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида”ги қонуни қабул қилинган. Мазкур қонуннинг 13-моддасига кўра, давлат фуқаролик хизматчисига тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланишга, тадбиркорлик фаолияти субъектларини ташкил этишга, уларнинг муассиси (иштирокчиси) бўлишга, тадбиркорлик фаолияти субъектида ташкилий бошқарув, маъмурий хўжалик вазифаларини бажаришга чекловлар қўйилган.
Андижон вилояти ҳокимлиги Соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи лавозимига тайинланган Журъатбек Қувватов тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланади.
“Юқоридаги Қонун кучга кириши муносабати билан, Қонуннинг 19-моддасида таъкидланган манфаатлар тўқнашувини олдини олиш, тадбиркорлик фаолиятини давом эттириш мақсадида Ж.Қувватов эгаллаб турган лавозимидан (Соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи) озод қилинишини сўраб ариза билан мурожаат этганлиги маълум қилинади”, — дейилади хабарда.








