Андижонда ҳокимнинг қарори сохта бўлиб чиқди
Мазкур ҳужжат билан мактаб ери қурилишга бериб юборилган.

Ижтимоий тармоқларда Андижон шаҳридаги 50-мактаб стадиони сотиб юборилгани ҳақида хабарлар тарқалди. Ҳолат юзасидан вилоят прокуратураси расмий баёнот берди.
Маълум бўлишича, Андижон шаҳар ҳокимининг 2019 йил 14 августдаги қарори билан 50-мактаб майдони ҳокимлик заҳирасига олиниб, шаҳар ҳокимининг 2020 йил 2 июнь кунги қарорига асосан “SXF Andijon city stroy” МЧЖга комплекс бино иншоотлари қуриш учун ажратиб берилган.
Ўрганиш давомида 2020 йил 2 июнь кунги қарор сохталаштирилганлиги аниқланиб, Андижон шаҳар прокуратураси томонидан 2022 йил 5 октябрь куни Жиноят кодексининг 228-моддаси 2-қисми “б” банди билан жиноят иши қўзғатилган.
Дастлабки тергов ҳаракатлари Андижон шаҳар ИИО ФМБ ҳузуридаги ТБ томонидан олиб борилмоқда.
Бундан ташқари, шаҳар ҳокимининг 2019 йил 14 август кунги қарори қонун талабларига зид равишда қабул қилинганлиги сабабли қарорни ҳақиқий эмас деб топиш ҳақида Андижон туманлараро маъмурий судига даъво аризаси киритилиши таъминланган.








