Сунак Россия таъсирини пасайтириш учун беш ташаббусни илгари сурди
Британия Бош вазири бу бўйича махсус мақола ёзди.

Буюк Британия Бош вазири Риши Сунак Россияни “қувғинди давлат” деб атади ва унинг дунё иқтисодиётидаги таъсирини камайтиришни таклиф қилди. Бу ҳақда унинг The Telegraph газетасида чоп этилган мақоласида сўз боради.
Жаноб Сунакнинг режаси беш пунктдан иборат:
Биринчидан, келаётган қишда ёрдамга энг муҳтож давлатларни қўллаб-қувватлаш. Бош вазирнинг сўзларига кўра, Буюк Британия Украинага ёрдам беришни, ўз фуқароларига электр энергияси учун ҳисобни камайтиришни ва дунёда очликни олдини олишдаги саъй ҳаракатларини давом эттиради;
Иккинчидан, имконияти бор давлатлар кўпроқ озиқ-овқат захираларини бошқалар билан бўлишиши керак. Риши Сунак Россияни озиқ-овқатдан қурол сифатида фойдаланишда айблаган ва БМТнинг ғалла келишувини муддатини узайтириш ташаббусини қўллаб-қувватлаган;
Учинчидан, етказиб бериш занжирлари хавфсизлиги кучайтириш ва Россия каби давлатларга энергетик қарамликдан қутулиш ;
Тўртинчидан, эркин бозорлар ва очиқ глобал иқтисодиёт тамойилларига содиқ қолиш;
Бешинчидан, қайси давлатлар ривожланаётган мамлакатга “кредит тузоқлари” қўяётганини аниқлаш (“Кредит тузоқлари” — кредитор давлатнинг қарз олаётган давлатга қарз миқдорини ошириш орқали ўз таъсирини кучайтириш). Бундан ташқари, инфляция ўсиши сабабларини олдини олиш таклиф қилинган.
Сунак ушбу мақолани G20 саммити арафасида ёзган.







