Ҳамкасбига танбеҳ берган Хитой раҳбари, саммитни эрта тарк этган Лавров ва тарихий учрашувлар
G20 саммитининг энг ёрқин воқеалари.

Сўнгги кунларда бутун дунё эътибори Индонезиянинг Бали оролига қаратилди. Жаҳон етакчиларини бир жойга жамлаган G20 саммити кутилмаган воқеалар, интригалар ва аввалдан маълум қилинмаган учрашувлар билан аввалгиларидан фарқ қилди дейиш мумкин.
Саммитнинг биринчи кунида Украина можароси марказий мавзулардан бири бўлди. Владимир Путин ва Владимир Зеленский Балига келмаган бўлса-да, минтақадаги вазият масаласи тадбирнинг деярли барча иштирокчилари томонидан кўтарилган.
G20нинг энг эсда қоларли воқеалардан бири АҚШ президенти Жо Байден ва Хитой етакчиси Си Цзинпин ўртасидаги музокаралар бўлди. Икки давлат раҳбарларининг тарихда биринчи марта бўлиб ўтган суҳбати Оқ уй томонидан икки давлат позисияларини яқинлаштириш йўлидаги муҳим қадам сифатида бир неча бор таъкидланди. АҚШ ва Хитой раҳбарлари уч соатдан ортиқ суҳбатлашди.
Музокаралар якунида шов-шувли баёнотлар бўлмади, Байден журналистларнинг саволларига жавоб берар экан, Украина мавзусига тўхталди. У Херсоннинг Украина Қуролли кучлари томонидан қайтариб олинишини “Киев учун муҳим ғалаба” деб атади. Шу билан бирга, у бу воқеа қандай оқибатларга олиб келишини айтишга қийналди, бироқ Украинага ёрдам кўрсатишни давом эттиришга ваъда берди.
Бундан ташқари, Байден АҚШ Украина иштирокисиз Россия билан музокаралар олиб бориш ниятида эмаслигини яна бир бор таъкидлади.
Си Цзинпин, ўз навбатида, Хитой Россия-Украина музокараларини қайта бошлаш тарафдори эканини айтди. У, шунингдек, АҚШ ва ЕИ можарони тезроқ ҳал қилишга ёрдам беришига умид билдирди.
Шунингдек, АҚШ президенти Жо Байден туркиялик ҳамкасби Ражаб Тоййиб Эрдоғон саммит доирасида эълон қилинмаган яна бир қисқа учрашув ўтказди.
Қайд этилишича, томонлар Истанбулдаги теракт ва Украина донини экспорт қилиш бўйича халқаро ҳаракатларни муҳокама қилган.
Байден Истанбулдаги теракт муносабати билан Президент Эрдўғон ва Туркия халқига “чуқур ҳамдардлик” билдирди.
Эътиборли ҳолатлардан бириХитой раҳбари журналистлар олдида Канада бош вазирига “танбеҳ” берганидир.
Хитой раиси Жастин Трюдони музокараларда самимий эмасликда айблади. Си Цзинпин канадалик ҳамкасби билан суҳбатининг ОАВга чиқиб кетганидан норозилик билдирди.
Катта йигирматалик мамлакатларининг аксарияти Укринадаги урушни қораламоқда, аммо саммитда бу борадаги бошқача фикрлар ҳам янгради.G20 давлатлари можаро дунё иқтисодиёти муаммоларини чуқурлаштириб, ядро қуроли қўлланилиши хавфини келтириб чиқарганини айтмоқда.
Саммитнинг сўнги кунида иштирокчилар Россия агрессияси танқид остига олинган якуний баёнетматни устида ишламоқчи эди, аммо Полша ҳудудига қулаган ракета туфайли бу иш ортга сурилган. Россия ТИВ раҳбари Сергей Лавров эса Балини муддатидан аввал тарк этган.








