Жанубий Корея ядро қуролига эга бўлиши мумкин
Мамлакат расмийси бу қайси ҳолатда амалга оширилишини очиқлади.

Жанубий Корея ўз ядро қуролини яратиши мумкин. Бу ҳақда мамлакат бирлашув вазири Квон Ён Се Yonhap агентлигига берган интервьюсида маълум қилди.
“Кореялараро муносабат ёмонлашадиган бўлса ва жамоатчиликнинг ядро қуроли бўйича позицияси ўзгарса — ҳукумат бу каби сўровларни ортиқ инкор қила олмайди”, – деган у.
Вазирнинг фикрича, ядро қуроли бўйича уч хил вариант бор: ўз ядро арсеналини яратиш, биргаликда (АҚШ билан) фойдаланиш ёки Америка тактик ядро бомбасини жойлаштириш. Шу билан бирга Квон Ён Се бу вазиятда бутун Шарқий Осиёда барқарорлик хавф остида қолишини тан олган.
Сўнгги вақтларда Корея яриморолида вазият тобора кескинлашиб бормоқда. КХДР йил бошидан буён баллистик ракета учиришни тўхтатмаяпти. Бунга жавобан Япония, Жанубий Корея ва АҚШ ҳарбий машғулотларни кўпайтирди. Вашингтон ва Сеул Пхеньяннинг ядро синовларига тайёргарлик кўраётганини иддао қилмоқда.







