“Қамчиқ”да юк машинаси ағдарилиб, йўлни тўсиб қўйди
Ҳолат бўйича ЙҲХХ маълумот берди.

Бугун, 18 ноябрь куни “Қамчиқ” довонида юк автомобили йўл-транспорт ҳодисасига учради. Ҳолат бўйича ИИВ ЙҲХХ маълумот берди.
Қайд этилишича, ҳодиса соат 19:25 да Наманган вилояти Поп тумани ҳудудидан ўтувчи А-373 Тошкент–Ўш автомобиль йўлининг 229-километрида юз берган. Тошкент–Водий йўналишида ҳаракатланган “Daf” русумли юк автомобили ҳайдовчиси бошқарувни йўқотиши оқибатида транспорт воситаси йўлнинг ўнг томонига ағдарилган ва йўлни беркитиб, шу йўналишдаги ҳаракатни тўхтатиб қўйган.
Воқеа жойига зудлик билан ФВВнинг “Қамчиқ” қутқарув гуруҳи ҳамда ЙПХ ходимлари етиб келган. Ҳодиса оқибатлари махсус техникалар ёрдамида бартараф қилинган.
Ҳодиса оқибатида тан жароҳати олганлар йўқ. Довон йўли транспортлар ҳаракати учун очиқ, икки томонлама ҳаракат давом этмоқда. Мазкур ҳолат юзасидан туман ФВБ ва ЙҲХБ ходимлари томонидан суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.








