Сенаторлар Маскнинг Twitter'даги фаолиятини текширмоқчи
Миллиардер фойдаланувчиларнинг шахсий маълумотларини хавфга қўйишда айбланмоқда.

АҚШ сенатидаги 7 нафар демократ сенатор Илон Маскнинг Twitter'даги фаолиятини текширишни сўради. Шу мазмундаги мактуб Федерал савдо қўмитаси директорига юборилган.
"Биз Twitter компанияси томонидан ўз фойдаланувчилари хавфсизлигини қасддан менсимаслик ҳолати ҳақида ёзмоқдамиз ва федерал савдо қўмитасини Twitter томонидан истеъмолчилар ҳуқуқи ҳимояси тўғрисидаги қонунларни бузиш бўйича ҳар қандай ҳаракатларини текширишга чақирамиз. Сўнгги ҳафталар давомида янги ижрочи директор Илон Маск платформанинг яхлитлиги ва хавфсизлигига таҳдид солувчи бир қатор қарорларни қабул қилди ", — дейилади мурожаатномада.
Сенаторларнинг фикрича, Маск томонидан киритилган ўзгартиришлар ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларини хавфга солмоқда ва федерал савдо қўмитаси билан тузилган келишувнинг бузилишига олиб келиши мумкин. Улар зарурат туғилган тақдирда Twitter раҳбариятини жавобгарликка тортишни сўраган.
Tesla асосчиси 27 октябрь куни Twitter'ни сотиб олди. Бу унга 44 миллиардга тушган. Компанияни сотиб олиши билан миллиардер бир қатор менежерларни ишдан бўшатди. 6 ноябрь куни пуллик верификация хизмати ишга туширилди. Аммо бу кўплаб сохта аккаунтларнинг пайдо бўлишига олиб келди.







