АҚШ Россия қаердан ракета олаётганини аниқ билмайди
Аввалроқ қатор Ғарб нашрлари русларда ракета захиралари камайгани ҳақида ёзганди. Аммо Украинага берилган сўнгги оммавий зарбалар бу тахминларни оқламади.

Украина ва қатор Ғарб давлатлари Россиянинг ракета захиралари тугаётганини тахмин қилганди, аммо сўнгги оммавий ракета зарбалари бу фикрларни оқламади. Бу ҳақда The New York Times ёзмоқда.
Унга кўра, ракета захиралари бўйича аниқ маълумотлар мавжуд эмас. Стратегик ва халқаро тадқиқотлар маркази етакчи маслаҳатчиси Марк Кансиан Ғарбда саноқли расмий шахсларгина Россия ракеталари сони ҳақида аниқ билишини айтган.
Газета бир неча факторлар Москванинг оммавий ракета зарбалари бериш қобилиятини сақлаб қолишига сабаб бўлганини қайд этган. Жумладан, РФ Эрон ва КХДРдан снаряд ёки учувчисиз қурилмалар сотиб олган бўлиши мумкин. Яна бир тахминга кўра, Россия мудофаа корхоналаридаги сафарбарлик ортидан ракета ишлаб чиқаришни йўлга қўйган. Шунингдек, Украина низосидан олдин катта захира шакллантирилган ёки ҳозирги зарбаларда ҳаво ҳужумига қарши мудофаа тизими ракеталаридан фойдаланилган бўлиши эҳтимолдан ҳоли эмас.
Шу билан бирга The New York Times ушбу тахминларга аниқ далиллар келтирмаган.
Россия бир неча бор Эрондан дрон сотиб олганини инкор этганди. Аммо ноябрда расмий Теҳрон Москвага учувчисиз қурилмалар етказиб берганини тан олди, аммо мамлакат ТИВ раҳбари Амир Абдуллоҳиян бу Украина низосидан анча олдин юз берганини айтганди.







