Ўзбекистонда янги департамент ва жамғарма ташкил этилади
Бу бўйича Президент қарори қабул қилинди.

Кеча, 18 ноябрь куни “Болаларнинг дам олишларини тизимли ташкил этиш ва соғломлаштириш ишларини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент қарори қабул қилинди.
Унга кўра, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси тизимида Болалар соғломлаштириш ва аҳоли саломатлигини тиклашга кўмаклашиш жамғармаси ҳамда Болаларнинг дам олишини ва соғломлаштирилишини ташкил этиш департаменти ташкил этилади.
Жамғарма маблағлари ҳисобидан касаба уюшмалари аъзоларининг фарзандлари дам олиши ва уларни соғломлаштириш харажатларининг бир қисмини қоплаш мақсадида ҳар бир йўлланма учун БҲМнинг 2 баравари (600 минг сўм), бироқ йўлланма нархининг 50 фоизидан ошмаган миқдорда оромгоҳларга компенсация тўланади.
2023 йил 1 январдан бошлаб:
—Маҳаллий бюджетлар даромадларининг прогноздан ошириб бажарилган қисмининг 10 фоизи ҳар чоракда Жамғармага йўналтирилади;
—Давлат органлари ва ташкилотлари ўз ходимларининг фарзандлари учун сотиб олинган оромгоҳлар йўлланмалари нархининг 50 фоизигача, аммо ҳар бир йўлланма учун БҲМнинг 1 бараваридан (300 минг сўмдан) ошмаган қисми иш берувчилар томонидан компенсация қилиб берилиши мумкин.
Болаларнинг дам олишларини тизимли ташкил этиш ва соғломлаштириш масалалари бўйича республика комиссияси ташкил этилади.








