Президент ғояси билан “Туркий адабиёт дурдоналари” мажмуаси нашр этилди
100 жилдик тўплам жами 1010 нафар муаллифни қамраб олган.

Президент Шавкат Мирзиёев 2019 йил 15 октябрь куни Озарбайжон пойтахти Боку шаҳрида бўлиб ўтган Туркий давлатлар ҳамкорлик кенгашининг еттинчи саммитида Ташкилотга аъзо давлатлар адабиётининг энг сара намуналаридан иборат “Туркий адабиёт дурдоналари” деб номланган 100 жилдлик китоблар туркумини ҳар бир мамлакатнинг она тилида нашр этиш ғоясини илгари сурганди.
Ушбу ташаббус асосида туркий тилда сўзлашувчи давлатларнинг миллий адабиёти намуналаридан иборат 100 жилдлик “Туркий адабиёт дурдоналари” асарлар мажмуаси нашр этилди.
22 ноябрь куни Ўзбекистон Фанлар академиясининг Шарқшунослик институтида мажмуанинг тақдимоти бўлиб ўтди.
Мазкур тўпламга умумтуркий адабиётнинг қадимги даврларда то ХХI асрнинг шу кунларига қадар яратилган сара намуналари, яъни Ўзбекистон, Туркия, Қозоғистон, Қирғизистон, Озарбайжон, шунингдек, кузатувчи мамлакатлар – Туркманистон ва Венгрия давлатларининг атоқли шоир, адиб ва мутафаккирларининг асарлари киритилган.
Мажмуада барча туркий тилли халқлар адабиёти вакилларига кенг ўрин берилган. Хусусан, “Умумтуркий адабиёт намуналари” деб номланувчи дастлабки 5 жилддан Маҳмуд Кошғарийнинг “Девону луғотит-турк”, Юсуф Хос Ҳожибнинг “Қутадғу билиг” ва Аҳмад Югнакийнинг “Ҳибат ул-ҳақойиқ”, Аҳмад Яссавий ва Сулаймон Боқирғонийнинг “Ҳикматлар”и ҳамда Носируддин Рабғузийнинг “Қиссаси Рабғузий” каби мумтоз асарлари ўрин олган.
28 жилдни ташкил этган “Ўзбек адабиёти намуналари” ҳазрат Мир Алишер Навоийнинг “Сайланма ғазаллари” билан бошланиб, қорақалпоқ адабиёти намуналарини ҳам ўз ичига олади. Мажмуада турк, озарбайжон, қозоқ, қирғиз ва туркман ижодиётига ҳам кенг ўрин ажратилган. Жумладан, Жалолиддин Румий, Юнус Эмро, Нозим Ҳикмат, Низомий Ганжавий, Насимий, Фузулий, Самад Вурғун, Абай, Мухтор Авезов, Собит Муқонов, Чингиз Айтматов, Тўлаган Қосимбеков, Мар Бойжиев, Махтумқули, Мулланафас, Отажон Тоғон каби мумтоз ва замонавий адабиётнинг 100 дан ортиқ намояндлари қаламига мансуб ноёб мерос жамланган. Арон Ярош ва таниқли венгер адибларининг машҳур асарлари якунловчи жилд сифатида тақдим этилган.
“Туркий адабиёт дурдоналари” тўплами жами 1010 нафар муаллифни қамраб олган.
Умуман, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ҳамда Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан қисқа муддатда катта меҳнат, залворли ижодий иш амалга оширилди. Мажмуа учун материаллар тўплаш мақсадида қардош давлатларга бир неча бор ижодий сафарлар уюштирилди. 50 нафарга яқин адабиётшунос ва матншунос олимлар, адиблар, муҳаррир, рассомлар мажмуани нашрга тайёрлаш ва чоп этиш ишларига кенг жалб этилган.








