Венгрия қачон Швеция ва Финляндиянинг НАТОга қўшилишини маъқуллаши маълум бўлди
Ҳозирга қадар альянснинг 28 аъзоси бу давлатларнинг блокка қўшилишига розилик билдирган.

Венгрия парламенти Швеция ва Финляндиянинг НАТОга қўшилиши тўғрисида шартномани 2023 йилда ратификация қилади. Бу ҳақда мамлакат бош вазири Виктор Орбан Польша бош вазири Матеуш Моравецкий билан учрашувда маълум қилган.
“Мен жаноб Орбанга Финляндия ва Швециянинг НАТОга аъзолиги бўйича келишувни максимал даражада тез ратификация қилишни сўрадим. У кейинги йил парламентнинг илк сессиясида буни амалга оширишга ваъда берди. демак, бир ойдан сал кўпроқ муддатдан сўнг ратификация бўлади”, – деган Польша ҳукумати раҳбари.
Орбан Хельсинки ва Стокгольм Венгрия туфайли бир дақиқа ҳам вақтини йўқотмаслигини таъкидлаган ва уларнинг альянсга қўшилиши бўйича зарур ёрдамни ваъда қилган.
Ҳозирга қадар НАТОга аъзо 28 давлат Швеция ва Финляндиянинг НАТОга қўшилишини маъқуллади. Фақатгина Венгрия ва Туркия буни ратификация қилмаган. Туркия бу икки давлатни ўзига қарши жангари гуруҳларни қўллаб-қувватлашда айблаган.







